tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov/3939
Last Update:
ҚАЛБИ САЛИМ
Андалус фотиҳи Ториқ ибн Зиёд барбарлардан...
Салоҳиддин Айюбий курдлардан...
Муҳаммад Фотиҳ турклардан...
Юсуф ибн Тошфин амозиғ барбарларидан...
Сайфиддин Қутуз мамлук туркларидан...
Баракахон мўғуллардан...
Бу буюк қўмондонлар турли миллатдан. Улар ўртасини ислом жамлаган, бирлаштирган.
Имом Бухорий Ўзбекистонлик туркийлардан...
Имом Муслим Найсобурдан...
Ибн Можа Қазвиндан...
Абу Довуд Сижистондан...
Тирмизий Ўзбекистоннинг Термизидан...
Бу буюк муҳаддислар турли миллат ва элатдан. Улар ўртасини ислом бирлаштирган.
Бу дин араб диёрларидан тарқалгани билан арабларнинг хос дини эмас. Аллоҳ билан бандалари орасида таниш-билишлик, қариндошчилик, насл-насаб ўтмайди. Ким Аллоҳдан кўпроқ қўрқса ўша Аллоҳга яқиндир.
Абу Лаҳаб Ҳошимийлардан, аммо дўзахда. Билол розияллоҳу анҳу қора танли қул, аммо жаннатда. Абу Жаҳл Қурайшдан, аммо дўзахда. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу оддий форслардан, аммо жаннатда. Валид ибн Муғиранинг насаби олий, аммо дўзахда. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу оддий қул бўлган, аммо жаннатда...
Дўзахга кирадиган Қурайшликларни насаби эмас, ёмон эътиқоди ва амали дўзахга киришига сабаб бўлаяпти.
Жаннатга кирадиган оддий инсонларнинг эса тўғри эътиқоди ва гўзал амаллари уларга Аллоҳнинг раҳматини, фазлини жалб қилаяпти.
Кимгадир насаби фойда берса Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Лаҳабга фойда берар эди.
Ҳамма гап агар ерга боғлиқ бўлганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк қилмас эдилар. Агар гап қабилада бўлганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшга қарши жанг қилмас эдилар. Агар гап оилада бўлганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Лаҳабдан воз кечмаган бўлар эдилар.
Аммо бунинг номи ақида, бунинг номи дин!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Эй қизим Фотима! Амал қил. Мен сени Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайман. Эй аммам Сафийя! Амал қилинг. Мен сизни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайман. Эй амаким Аббос! Амал қилинг. Мен сизни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайман. Қиёмат куни одамлар амали билан, сизлар эса насабингиз билан келмайсиз!".
Инсоннинг қавмини, оиласини яхши кўриши бор нарса. Аммо қавмим ва оилам туфайли ўзгалардан афзалман деб ўйлаши бошқа нарсадир. Биринчиси мурувватдан бўлса, иккинчиси жоҳилиятдан.
Солиҳ амал қилайлик. Ҳар-бир тақводор инсон Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оилаларидан ҳисобланади.
Қиёматда мол, бола-чақа фойда бермайди. Ким у ерга салим қалб билан борсагина нажот топади!
Аллоҳ ҳаммамизни қалбимизни салим қилсин!
https://www.tg-me.com/us/Abdulqodir Samarqandiy/com.Abdulqodir_Polvonov
BY Abdulqodir Samarqandiy
Share with your friend now:
tg-me.com/Abdulqodir_Polvonov/3939