tg-me.com/IkromSharif/4830
Last Update:
Рамазонда Қуръони каримни имкон қадар кўпроқ тиловат қилиш (лазфлар билан айтилгани ҳам айнан тиловат(!) қилиш) салафи солиҳларнинг ҳам лафзий, ҳам амалий йўллари ва тарғиботларидир.
Исломнинг мутақаддим ва мутааххир уламолари ҳам 1400 йилдан бери Рамазонда кўпроқ тиловат, хатм қилишга тарғиб қилиб келишади.
Ислом умматининг уламолари, пешволари, буюклари бу ойни Қуръон ойи сифатида ўтказишган.
Имом Зуҳрий Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон қироатидир, таом улашишдир», дер эди.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи ичида ўттизта, бир ривоятда олтмишта хатм қилар эди.
Ибн Ҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон кирса, ҳадис ўқиш ва илм аҳли билан мажлис қуришдан қочар эди»,. яъни Қуръонга берилиб кетар эди.
Абдурраззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон кирса, барча ибодатларни тўхтатиб, Қуръон қироатига киришар эди».
Суфён айтади: «Зубайд Ёмий Рамазон келса, мусҳафларни келтириб, асҳобларини тўплар эди».
Асвад раҳимаҳуллоҳ Рамазондан бошқа пайт Қуръонни олти кечада бир хатм қилар, Рамазонда эса ҳар икки кечада хатм қилар эди.
Қатода раҳимаҳуллоҳ одатда етти кунда бир хатм қилар, Рамазон ойида уч кунда бир, охирги ўн кунлик бўлганда эса, ҳар кеча хатм қилар эди.
Имом Нахаъий ҳам Рамазон ойида ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эди.
Рабиъ ибн Сулаймон айтади: «Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий Рамазон ойида олтмишта хатм қилар, уларнинг бирортаси намоздан ташқарида бўлмас эди», дейди.
Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди. Улар хуфтонни кечанинг тўртдан бири ўтгунча кечга суришар эди.
Алий Аздий ҳам Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди.
Имом Молик айтади: «Рамазонда Умар ибн Ҳусайннинг ёнида намоз ўқийдиган одам менга хабар қилдики, у киши ҳар кеча Қуръонни янгидан бошлар экан».
Ҳофиз ибн Асокирнинг ўғли отаси ҳақида: «Ҳар жума хатм қилар эди, Рамазонда эса ҳар куни хатм қилар эди», деган.
BY Ikrom Sharif
Share with your friend now:
tg-me.com/IkromSharif/4830