Telegram Group Search
***
Тонгги вокзал...
Вақт ўтар секин
Кўзларимга қарамас биров.
Мен кетяпман,
кетяпман ахир
Юрагимдан силжийди улов.

Кимдир кулар,
гул тутар кимдир,
Туйғулардек оқар одамлар.
Кузатмоқ бу – энг гўзал удум,
Кетмоқ асли...
ўчмас қадамлар.

Гувиллайди,
қайтмайди поезд,
Қўл силкийди ким сўнгги дафъа.
Ёшларимга кетар қоришиб,
Кўзларимда
кечиккан шарпа.

Тонгги вокзал...

© Наргиза Асадова
https://www.tg-me.com/NARGIZA ASAD/com.Nargiza_Asad
Audio
"Gul zori" 🌼

✍🏻 Nargiza Asadova she’ri
🎤 Osiyo Hoshimova oʻqidi

@Nargiza_Asad
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Шоира сингилларимиздан яна бир гўзал туҳфа. 🌸

Осиё синглимиз ўзи ҳам дилбар шеърлар ёзади ва уни юракка довур етказиб ўқийди ҳам.
Анча йиллар олдин ёзган “Гул зори” шеъримни ўқиган экан, хурсанд бўлдим, Оллоҳ рози бўлсин!

ГУЛ ЗОРИ

Кўчангизга гуллар экилган,
Гултожи-ю гулисафсарлар.
Улар яшар гулдек умрида,
Учраганни ишқ деб атарлар.

Атиргуллар бўса тутади,
Ўтган-кетган йўловчи елга.
Мойчечаклар кулиб боққанда,
Шаҳд бойлайди болари белга.

Кўчангизгизни яхши танийди,
Райҳон исин суйган шалола.
Шу ерликдек тутар ўзини,
Тоғдан тушган қирмизи лола.

Фақат, бир гул осуда, маъюс,
Қуёшгада бермас ўзини.
Гул бўлсада суради хаёл,
Уйингиздан олмай кўзини.

Кўклам чоғи ошиқиб келди,
Соғинчданми бағри сап-сариқ.
Билсангиз гар Сизни шу гулқалб,
Бекангиздан суяди ортиқ.

Гумон қилманг гулбеорлардан,
Эргашмайман изларингизга.
Фақат, баҳор тугаб боряпти,
Боқиб қолинг, Наргисингизга.

Кўчангизга бир Гул экилган…

© Наргиза Асадова
https://www.tg-me.com/NARGIZA ASAD/com.Nargiza_Asad
#Хотира

МАКТАБ КЎЧАСИ КИМСАСИЗ, БЎМ-БЎШ ЭДИ

Баъзан ўтган йиллардан бирон кунни эслашга қийналасан. Хотирингда “лип” этган ёруғлик тополмайсан. Гоҳида шундай бир кун бўладики, йиллар бўйи ёдингдан чиқмайди. Умринг давомида ҳаётингга кириб-чиқиб турадиган инсонлар ичида баъзи одамлар ўзидан муаззам из қолдириб кета олади. Уларни ўлим ҳам ўлдиролмагандек, хотирангда яшайверади.

Луқмон акани илк марта “Ёшлик” журнали тахририятида кўргандим. Қўлида қалами бор ёш борки, бу улуғ тахририят остонасини хатламаган бўлса. У пайтлар “Жазирамадаги одамлар” биз талабаларнинг қўлдан қўймай, суюб ўқийдиган асаримиз, ёзувчи билан учрашиш эса ҳар биримиз учун орзу эди. Сочларига оқ оралаган, хўмрайгангина ёзувчи билан ўшандаги қисқа-лўнда суҳбатимиз каминанинг журналда чоп этилган “Остона” номли достони ҳақида бўлган, ёзувчимиз ўшандаёқ менга, “бу ташбеҳрларни, рамзларни насрда қўлласангиз янаям соз бўларди” дея руҳлантирганди. Кейинчалик адабиёт йўлида кўп суҳбатлар қурдик, бир ерда ишладик. Ва ҳар сафар гурунгимиз оқими “оғир карвон” насрга оғиб кетар, Луқмон акага ҳикоялари ҳақида савол берсам, қаҳрамонлари ҳаётини, асарнинг кулминациясини инжалаб тушунтирар, гап орасида “Сут сотувчи бола” ҳикояси ҳақида гапирсам, “Сиз фақат шуни ўқиганмисиз дейман?” деб ёлғон араз қилар, кейин бошқаларини сўрасам, яйраб, “Ёмон ёзолмасам нима қилай ахир” деб ҳазил қилишни унутмасди. Ёзувчининг тийнатида асарларидаги қаҳрамонларининг характери, кечмиши яшарди гўё. Бир гал ўзларига шу ҳақида айтганимда, “Шунинг учун дард билан яшайманда, ичимдаги одамларимдек...” деганди хўрсиниб. Чиндан ҳам бирон тадбирда бўладими, мажлисми ёки рулдами Луқмон ака қандайдир янги асар ҳақида ўйлаб кетаётган бўлар, баъзида ўзи бу ҳақида “Ёзувчи ҳар бир жойда, шароитда ҳикоя ёза олиши, асар билан яшаши керак” дерди. Аммо афсус, биз ёзувчимиздан кўп нарсаларни ўрганолмай, эшитолмай ғафлатда қолдик.

Ёзувчилар уюшмасида Луқмон акадек дарёдил устозлар борлиги биз учун яхши эди. Камтар ва катта қалбли ёзувчи Собир Ўнар билан уюшма ҳовлисида бўладими, Нашр бўлимидами икки қадрдон дўст доим бирга юришар, гаплари ҳазил-мутойибага, кинояларга тўла бўлар, аммо бу сўзлар дилга ботмас даражада самимий, табиий, рост эди. Қаламига Худо юқтирган бандасини танирди, тан оларди, хушомадгўйликдан, иккиюзламачиликдан йироқ, бизниям шунга ўргатарди.

Ижодкорни ўйлабми ёки мактаблардаги қаламкаш болалар учун қайғурибми, ҳукумат томонидан бир йили Тарғиботчилик деган бир иш очилди. Айтиш жоиз бўлса, бу юмушда адибларимиз, уюшма аъзолигини эндигина қабул қилган ёшларгача ситқидилдан ишлашди, ҳаққини ҳалол олди. Таълим даргоҳларидаги ижодий муҳит ўнглангандек, адабиёт фақат фан эмас, ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги эканлигини ёшлар англагандек бўлди. Шундай сайъи-ҳаракат ичида биз бир гуруҳ ижодкорлар; Луқмон Бўрихон, Зулфия Мўминова, Нурилла Чори, Манзура Бекчанова ва мен Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманига ҳар ҳафта бир мошин бўлиб қатнадик. Табиийки йўл бўйи гурунгларимиз адабиёт ҳақида бўлар, шундай ёзувчиларнинг қишлоқ ўқувчиларига келиб машғулот ўтаётганидан туман маорифию, маънавиятчилари хурсанд бўлса, ҳафта сўнгида шаҳар шовқинидан қишлоқнинг соф ҳавосини олиб, кенг далалар, ям-яшил боғлар қўйнидаги мактабларга бориб келаётганимиздан биз-да мамнун эдик. Луқмон ака тумандаги 42-сонли мактабда тарғиботчи бўлиб ишлар, жамоа улуғ адибнинг ҳар келишини интиқлик билан кутар, “Наргиза қаранг, уларнинг ҳаяжонларидан одам ҳаяжонланиб қоладией. Машҳур бўлсанг ҳам қийинда” дерди камтар ёзувчимиз ярим ҳазил ярим чин аралаш.
Мактабга икки томони тутзор, равон йўллар билан борилар, жуда файзли, мўъжаз қишлоқ эди. Бир гал ёзувчимиз биз тарғиботчиларни мактабига таклиф қилди. Гангур-гунгур қилиб йўлда кетаяпмиз, Луқмон ака эса ўйланганча машина ойнасидан ташқарига қараб борар, сўнг ўзига гапиргандек, “бир фурсат бўлса, ёмғир майдалаб ёғиб турса, шу йўлдан қишлоққача пою-пиёда ёлғиз ўзинг кетсанг, кетаверсанг. Кимса бўлмаса, ташвишни ўйламасанг, ёмғир билан гаплашиб бораверсанг...” деганди.

Яқинда мактаб кўчасидан ўтдим, ёмғир шивалаб ёғар, кўча кимсасиз бўм-бўш эди...

https://www.tg-me.com/NARGIZA ASAD/com.Nargiza_Asad
Forwarded from Qahvaxna🛫
#Тунги_чизгилар🌸

***
Бахтли бўлишига ишонган ҳар бир инсон қалбида – эртакларга ишонган болалиги бор.

© Наргиза Асадова

Ҳаққа илҳақ кўнглимо, тоза бахтлар муборак!

@qahvaxonaS🤍
#Mutolaa

Китоб ўқишнинг бугун ҳар хил тури бор. Истасангиз китобни аудиода эшитинг, истасанг уни электрон ҳолатда ўқинг.

Mutolaa лойиҳаси бугун мана шундай қулайликларни яратяпти ва китобхонлар аудиториясига турли жанрдаги асарларни тақдим этяпти. Лойиҳа юклаб олинса, китоб ўқиш борасида турли қулайликларга гувоҳ бўласиз.

Электрон китоблар сафига шеърларим қўйилибди, ташкилотчиларга раҳмат дейман.

https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.mutolaa.commercial.mutolaa
#Жаннатим онам

Охирги марта қачон онангизни маза қилиб рақс тушганини, яйраб кулганини, ниманидир егиси келиб сизга ҳижолат бўлиб айтганини эшитдингиз.
Агар шундай бўлса табриклайман — онажонингиз бахтиёр экан, саломат экан.

Вақт ўтган сайин ота-онангни қадрини билиб боравераркансан. Ота ҳовлингдаги ҳамма нарса, ҳатто оддий рўзғор буюмлари ҳам сендан кўра кўпроқ уларнинг корига яраётгандек, оғирини енгил қилаётгандек. Сен эса…

Туғилган кунларчи, уларни сенга яқинлаштиришдан кўра, узоқлаштираётгандек…
Шу важдан қошига шошганимиз, шошган, дийдорига ошиққанимиз, ошиққан…

Бугун Онажоним дунёга келган кун.
Беш фарзандни вояга етказиб, ҳалол нон-туз бериб, элу-юртга қўшган Онам, бугун сизга Яратгандан фақат соғлиқли умр сўрайман…

https://www.tg-me.com/NARGIZA ASAD/com.Nargiza_Asad
​​Йўл очерки

ШОИР УМРИГА ЧИН ТАЪРИФ, ШЕЪР ТИНГЛАГАН ЮРТДОШЛАР ВА КАПАЛАК ҲАҚИДА

Сирдарёга яқинмиз. Тошкент вилояти билан бизни дарёлар, узун кўприклар, оқ лайлаклар ин солган симёғочлар ажратиб туради, холос. Боғлаб турадиган ришталар эса талай. Бу юрт билан ҳамманинг ўз илиқ таассуротлари бор. Аммо меҳру муҳаббатимизни бирлаштирадиган шундай инсонлар борки, улар шу тупроқни барчамиз учун бирдек азиз этади. Ҳалима Худойбердиева ана шундай улкан қалб ва истеъдод соҳибидир. У нафақат сирдарёликларни, балки бутун бир халқни адабиёт отлиғ бир нуқтада бирлаштиради.
Саҳарлаб етиб келганимиз Гулистон шаҳрида бугун қўш байрамга тадорик авжида экан. “Зомин қалдирғочлари” семинарининг Тошкент ва Сирдарё вилоятлари босқичини ўтказиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев бошчилигида, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев, шоира Гулжамол Асқарова, уюшманинг жонкуяр ходимлари Фозил Фарҳод, Алишер Боймуродов билан бирга саралаш боқичида иштирок этдик. Тадбирни кириш қисмида Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Махмуд Тоир, вилоят ҳокими маслаҳатчиси Муроджон Ҳайитов, Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева ва шоира Баҳор Холбекова сўзга чиқиб, семинар иштирокчиларини қутлади.
Семинар иши назм, наср, болалар адабиёти, публицистика ва драматургия жанрлари бўйича шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Ёш қаламкашларнинг ижодий ишлари устозлар томонидан кўрилди, тингланди. Суҳбат давомида ёшларда адабиётга бўлган ҳурмат баландлиги, ўзига хосликка интилаётгани, шу билан бирга, уларда ўқишга бўлган муносабат ҳали тўлиқ шаклланмаган жиҳатлар ҳам, афсуски, кўзга ташланди. Эътиборлиси, ёшлар устозлар берган тавсияларни, холис муносабатларни қалби билан тинглади, тўғри хулоса чиқарди. Улар орасида тенгдошларига қараганда шеъри анча баланд, насрида тош босар тасвирлар топишга уринган ёшлар борлиги бизни қувонтирди. Шаҳарнинг марказида ҳазрат Навоий ҳайкали ёнида жойлашган очиқ айвонда кечган мушоирамиз кундалик юмуши билан банд бўлган кишиларни-да бефарқ қолдирмади. Ишга шошиб кетаётганлар, супургисини қўйиб шеър сеҳрига чўмган фаррош опалар, елкаларида юлдузлари порлаб турган тинчлик посбонлари... Дунёда шеър отлиғ мўъжизанинг борилигини эслаган бу юртдошларнинг шеър тинглашини томоша қилишининг ўзи завқли, ҳузурли эди...
Тадбирнинг иккинчи қисми Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 74 йиллиги бағишланган тантанага уланди. Шоир номи билан аталувчи Ижод мактабида бўлиб ўтган тадбирда ҳукумат вакиллари, шоирнинг дўстлари, шогирдлари, оила аъзолари иштирок этди. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаевнинг кириш сўзидан сўнг, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ва бошқалар сўзга чиқиб, Ҳалима опанинг шонли умр йўли, бетакрор ижоди ҳақида тўхталди. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Эшқобил Шукурнинг “Ҳалима опа шоир бўлиб келди, шоир бўлиб яшади, шоир бўлиб ўтди”, деган сўзлари довюрак, матонат эагасининг бутун умрига берилган чин таъриф эди, назаримда.
Тадбир ёрқин хотираларга бой бўлди. Қайтар чоғимиз ҳамма қатори шоирга эҳтиром рамзи бўлмиш ҳайкал пойида суратга тушдик. Қизиқ, шу тобда опанинг ушбу сатри ёдимга тушди:

“Онагинам!
Дориламон кунлар кулди, шафақлари ол,
Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор".

Шу кунларга етганлар, яъни биз шоирнинг пойида турардик. Хаёлимни билгандек дўстим Фозилбек: “Барибир шоирлик буюклик экан-да, бугун не-не кишилар унинг пойида” деди, жилмайиб қўйдим. Пойтхатга қайтарканмиз, шоирнинг жон шогирди Гулжамол опа: “Наргиз қара капалак, Ҳалима опамники бўлса керак, раҳмат айтаяпти чоғи. Уч, энди озодсан”, деди ойнани очиб. Капалак учиб кетди, биз эса жим қолдик...

Наргиза Асадова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт I Телеграм I Фейсбук
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Hikmet

Üç noktadır Aşk...
Her nokta gizli bir Ahtır...

Seviyorum deyip haykıramamaktır...
Boğazda düğümlenen iki çift sözdür...

...Dilin lal gönlün melal olduğu andır...
Gözlerden süzülemeyen iki damla gözyaşıdır...

Hissedilen fakat bir türlü yazılamayandır...
Kelimelerin kifayetsiz kaldığı andır

Üç nokta,
Bitmeyendir,
Bitemeyendir…

///–///–///–///–///–///–///–///–///–///

#Hikmat

Ishq uch nuqtadir…
Har nuqta yashirin bir ohdir!…

Sevaman deb hayqira olmaslikdir...
Boʻgʻzingda tiqilgan ikki juft so‘zdir…

…Tiling lol, ko‘ngling malol bo‘lgan ondir…
Ko‘zlardan suzilmagan ikki tomchi ko‘zyoshdir…

His etilgan, lekin yozila olmagan tuyg‘udir…
Kalimalarning kifoyatsiz qolgan vaqtidir…

Uch nuqta,
tugamagandir,
tugamaydigandir...

✍🏻 Mevlana Celaleddin Rumi
https://www.tg-me.com/NARGIZA ASAD/com.Nargiza_Asad
2024/05/22 15:50:01
Back to Top
HTML Embed Code: