☀️ Каналимизнинг қадрдон кузатувчилари!

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи янги канал ўз фаолиятини бошлади.

👇👇👇
https://www.tg-me.com/erkinvohidovijodi

💫 Сизларни янги каналга аъзоликка таклиф этамиз.
https://www.tg-me.com/erkinvohidovijodi

❇️ Каналда фаол иштирок этиб, изоҳ қолдирган иштирокчиларга шоир китобларидан тақдим этилади.
#Rahmat

«Ma'rifat» gazetasining yangi sonida Tezkor shaxmat bo'yicha jahon chempioni Nodirbek Abdusattorovga bag'ishlangan she'rimiz e'lon qilindi!
Gazeta tahririyatiga rahmat!


@SalimASHUR
* * *

“Ҳуррият” (газетаси)нинг 10-сонида (2023 йил) шоир Салим Ашурнинг “Баҳор, сенга шараф бўлсин” номли шеъри... берилган. Бу шеърни пейзаж лирикасининг ўзига хос намунаси сифатида эътироф этиш мумкин:

Эй, сен – жаҳон бунёдкори,
Ато, Ҳавво ижодкори,
Еру осмон дурадгори,
Шу тупроққа ташла уруғ,
Қара, йўли қандай ёруғ!
Маъшуқлар ёр тараф бўлсин,
Баҳор, сенга шараф бўлсин!"

Филология фанлари доктори Абдураҳмон Пиримқуловнинг
“Шеър – кўнгилнинг гуллаган чоғи” мақоласи
(“Адабиёт зиёси” газетаси,
2024 йил 18 апрель, 8-сон)дан
ЯНА ЁМҒИР...

Сукут сақла...
Фёдор Тютчев

Шивирлайди ёмғир... яна
ивирсийди ерда булут...
Томчиларда дурлар ёнар,
юпқа япроқ – мажруҳ вужуд.

Сукут сақла, сақла сукут.

Пичирлашар еру само,
такрорланар ёмғир куйи.
Қувилган қуш чирқиллар ё
тўзғиб сачрар ошиқ ўйи.

Висол кутар хор бекатда,
фиғонидан чиқади дуд.
Ҳижрон келар йўл – эгатда,
совуган қалб титрар беҳуд.

Сукут сақла, сақла сукут.

Ёлғизликнинг кўчасидан
ёмғир каби ўтасан бир,
ҳижрон, висол кечасида
юлдузлардек сочилар сир.

Телефоним рақамларин
ёмғирларда оқиз, унут.
Хотиранинг ўт шамларин
толесизлик қўлига тут.

Сукут сақла, сақла сукут...

Салим Ашур
* * *

Кетаяпман, яхши қол, жаҳон,
Рангларинг ҳеч кўчмасин айвон.

Мени олиб ўтган зиналар,
Сўнги марта яна синалар.

Юрагимнинг парчаси у тош,
Илитолмас минг йиллик қуёш.

Деразамнинг ошиғигача,
Шабаданинг қўшиғигача,

Чумолилар каби юлдузлар,
Орасида адашган кузлар,

Қиш, баҳордан токи ёзгача,
Капалакдан кийик, ғозгача,

Хайр, ортда қолмоқда бари,
Йўлга тушдим мен Худо сари.

Салим Ашур
Эски дафтардан

КИНОТЕАТР

Шамол гувилларди. Ёмғир қуярди.
Кимнидир изларди сен сепган атир.
Кузалган дарахтлар сени суярди,
Сени суяр эди кинотеатр.

Сен кўрдинг, бечора юрагим яғир,
Англадинг кўзларим нолаларидан.
Севги ичармиди шимиб оқ ёмғир
Қора сочларингнинг толаларидан.

Қўлингдаги мато ҳозиргача то
Соябон эдими? Бўлди ёмғиртўс.
Мушукфеълли жилдинг билмасди ҳатто:
Ошиқларми эдик ва ё икки дўст.

Кинолар, кинолар... кино кўрдилар,
Хиёбон – кўчага чиққан кинозал.
Қаҳрамон дарахтлар, гуллар сўрдилар:
Олмос узук эдинг, мен-чи, тилла ҳал.

Ўшанда... ўшанда жала қуярди,
Кимнидир изларди узук ва атир.
Узуклар, атирлар сени суярди,
Мени суймас эди кинотеатр.

Салим Ашур
"- Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимизда адабиёт, маънавият байрамига айланиб кетганига гувоҳ бўлиб турибмиз, – деди атоқли шоир Салим Ашур. – Шоирнинг адабиётда қандай ҳудуди бўлса, Адиблар хиёбонида ўрнатилган ҳайкали атрофида ҳам ўз ҳудуди бор. Бу ҳудуд унинг шеърлари, қўшиқлари, маънавий қарашларидан иборат. Ҳар йили китобларининг нашр этилиши, шеърларининг ҳамон қўшиққа айланаётгани бугунги кунда ва келажакда ҳам унинг ёзганлари халқимиз, ёшларимиз учун маънавий озуқа бўлиб келаётганидан дарак беради.

Н. Усмонова,
ЎзА."
"Ватанни чин дилдан севган шоир" мақоласидан.
#Tarjima_Vaqti

***

Ночь, улица, фонарь, аптека,
Бессмысленный и тусклый свет.
Живи ещё хоть четверть века —
Всё будет так. Исхода нет.

Умрёшь — начнёшь опять сначала
И повторится всё, как встарь:
Ночь, ледяная рябь канала,
Аптека, улица, фонарь.

10 октября 1912. 31 год

Александр БЛОК

***

Кўча, фонус ва дорихона.
Тун ёғдуси - сўнаётган чўғ.
Чорак аср яшасанг яна,
Шундоқ қолур. Ўзга чора йўқ.

Ўлим – янги умр нафаси,
Такрорланур бари эскича:
Тун, анҳорнинг муз қобирғаси,
Дорихона, фонус ва кўча.

Салим АШУР таржимаси

1981

@SalimASHUR
ЁМҒИР


Чарчамади чўзилган ёмғир,
Қарай-қарай кўзлар толдилар.
Нафас олиб оғирдан оғир,
Эшикка суяниб қолдилар.

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи
Чарчамади чўзилган ёмғир.
Тун куйи, тункуйи, ту-ункуйи
Аччиқ чоғир ва сочиқ, сағир.

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи
Деразадан боқтим очунга.
Кўз тўлди топ-тоза, ям-яшил,
Гултувакта ўскан тутунга.

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи
Дераза ёнида ўтирдим.
Тун куйин, тункуйин, ту-ункуйин
Ўзбек тилига ўгирдим.

Салим Ашур
МЕНИНГ ФУТБОЛЛАРИМ


Мускуллари таранг ўсмир йиллларим
Кунни қорайтириб ўйнардим футбол.
Пеледай майдондан излаб йўлларим,
Шахсий ҳисобимга жамғардим кўп гол.

Ўз ўрним, рақамим, ўз мухлисларим,
«Голкипр» номим ҳам бор эди чиндан.
Мактаб ойнасида тўпим излари,
Қўшнилар онамга нолирди мендан.

Бир гал... эҳ, оёғим лат еди ёмон,
Неча дўстларимнинг оёғи синди.
«Футболни қўй энди, ўқи, болажон», —
Отам неча сўкди, онам ўтинди.

Бундай бўлмади ҳеч, футбол мен учун,
Футболга, майдонга керакман кўпдан.
Чопардим бир қизга шайдо-ю, мафтун,
Қиз шод дарвозага мен тепган тўпдан.

Кўчага чиққанда қизлар дарсдан сўнг,
Тўпни йўлатдиму тирқиратдим, рост,
Футболсиз отмасди ҳаётимда тонг,
Сенсиз футбол тугар, дерди эҳтирос.

Неча йиллар ўтди, ўтмади осон,
Ўсмир фурсатлардан дилда бу кун ўқ.
Менинг футболларим тугади қачон...
Аммо футбол ҳали тугагани йўқ!

Салим Ашур
УЧИНЧИ ҚАВАТНИНГ ДЕРАЗАСИ

Учинчи қаватнинг деразасига
Қуёш салом берар, салом берар ой.
Учинчи қаватнинг деразасидан
Ер-кўкка ёйилар бокира чирой.

Учинчи қаватнинг деразасига
Шохлари – қўлларин чўзганча чинор,
Куз, қишни ўтказар. Маъюс танида
Менинг кўзларимнинг хоналари бор.

Учинчи қаватнинг деразасига
Гоҳ мусича қўнар, гоҳ қўнар каптар.
Қушларнинг беғараз “ку-ку”ларини
Энг оқ варағига кўчирар дафтар.

Учинчи қаватнинг деразасига
Ипакдек нақшланиб ўсади хаёл.
Хаёлнинг зимистон кўчаларидан
Ҳар лаҳза югуриб ўтади шамол.

Учинчи қаватнинг деразасига
Бунча ўралашар хира шабада.
Шабадага хушбўй бағрини очиб,
Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга сурилар парда.

Учинчи қаватнинг деразасида
Тунда капалакдек қанот қоқар нур.
Учинчи қаватнинг деразасига
Бир юлдуз қўнади – кўзимдаги дур.

Учинчи қаватнинг деразасида
Қароғимдек эриб ёнаётир шам.
Учинчи қаватнинг деразасида
Шу шамдек чарсиллаб ёнсайдим мен ҳам...

Учинчи қаватнинг деразасини
Назарлардан тўсиб сузади булут.
Учинчи қаватнинг деразасига
Мушукдек суйкалиб, мўралар сукут.

Учинчи қаватнинг деразасига
Қалбим яраларин чўзади гилос.
Учинчи қаватнинг деразасида
Кечалар, кундузлар қилади пардоз.

Учинчи қаватнинг деразасини
Ҳаётин бағишлаб қўриқлайди гул.
Учинчи қаватнинг деразасига
Қўнса гар маст бўлиб йиқилар булбул.

Учинчи қаватнинг деразасига
Туроқ сочиб ўтар сарбаст ёмғирлар.
Учинчи қаватнинг деразасини
Тушида кўради мен ўсган қирлар.

Учинчи қаватнинг деразасига
Фалакдан хушхабар келтиради қор.
Тентирар фонарлар сояларида
Қат-қат совуқларга ўранган изҳор.

Баҳор, баҳоржоним, қалбимни олиб,
Учинчи қаватдан боққил ичкари.
Сен кўрган нарсалар – мағлуб ва ғолиб,
Менга азиз эрур барчаси, бари.

Учинчи қаватнинг деразасида
Қордек оқ чойшабга чўзилади ёз.
Атласлар, адраслар, ипаклар... Ёзсам
Юракдек ловуллаб ёнади қоғоз.

Учинчи қаватнинг деразасига
Гуллар, гулдасталар, севгилар тутдим.
Гавжум бекатларда, сийрак йўлакда
Қадам товушларин соғиниб кутдим.

Учинчи қаватда олов сўз айтдим!!!
(Занжирларин узди қадим занжилар!)
Эшикларнинг жағи зумда қулфланди,
Зиналар қоғоздек ғижимландилар.

Қисматдан нарини излаб кетдим сўнг,
Ичдим ҳажр майин энг тозасидан.
Кўриниб туради Унга ўнг ва сўл,
Учинчи қаватнинг даразасидан.

Учинчи қаватнинг деразасида
Юрак қолиб кетди. Юрак урар бонг.
Учинчи қаватнинг деразасидан
Оламга ёйила бошлар оппоқ тонг.

Салим Ашур

1988 йил, февраль.
Тошкент, Юнусобод – 6.
Forwarded from Salim Ashur ijodi
#Rahmat

«Ma'rifat» gazetasining yangi sonida Tezkor shaxmat bo'yicha jahon chempioni Nodirbek Abdusattorovga bag'ishlangan she'rimiz e'lon qilindi!
Gazeta tahririyatiga rahmat!


@SalimASHUR
1941 ЙИЛ БАЛЛАДАСИ

...Она кеча тўнғичини кузатди жангга.
Дўппидаги эрнинг ҳидини
кўксига босиб қолди ёш келин.
Тўнғич қадамидан кўтарилган чанг –
бева қисматдаги энг сарин эпкин.

Она эртага кенжасини кузатади муҳорабага –
ажал билан мусобақага.
Ўзига жой сўраб қўяр мозордан.

Шудгорни, чорвани, туёқни,
рангзордаги жами бўёқни
Она ёқди.
Боқди ўчоқни.

Қоқди супрасини ва қўрасини...
бугун жўрасини ва тўрасини
беради одамхўр урушга
(сиз ўйламанг – кино кўришга).

Она йиғлар.
Ичини тиғлар.
Қафасида юрак биғиллар.
Юзидаги икки булоқда,
икки тармоқ ва қўнғироқда
ёш эмас, қон эмас, оназанг,
суякларни сув этди жаранг.

Оналарни кўп кўрган кўча
аъмолидан буткул воз кечар.
Ариқларнинг бўйида ўсган
чечакларнинг чироғи ўчар.

Эҳ, ақлдан озади дунё,
топиб беринг унга бир кимё.
Қуёш қўрқиб тоғларга қочар,
қишлоқ тўлиб оқар зим-зиё.

Ёқасини йиртади алам,
бундай аччиқ бўлмаган олам.
Лаънатларга ўхшаган фарёд:
“Ажалингга хуш боргин, болам...”

Қандай гўзал ўзбегим феъли!
Меҳр-шафқат, фидолик сели.
Оғир, оғир пайтда Онага
мадад бўлди ўзининг эли.

Дедиларки: “Омон узатгин,
эт-бетингни сал-пал тузатгин.
Эслаб юрар жангда сиймонгни,
кулиб борсин, кулиб кузатгин”.

Жўнатмоқда ким бир ўғлини,
юпатади кимдир кўнглини.
Дард олади заҳмини дарднинг,
мард оналар бўлган, тўғрими?

Она деди: “Туш кўрдим ёмон,
ростин айтсам, таъбири гумон”.
Чувиллашди ғамкаш оналар:
“Қилақолгин дардингни достон”.

“...Ёнар эди тандирда олов,
дарвозадан чақирди биров.
Бориб-келиб қарасам, ўтда
икки ўғлим ёнарди лов-лов”.

Тил тишлади оналар: аён...
бу ўринда ортиқча баён.
Маълум, тақдир икки ўғлонни
етаклайди қай томон, қаён.

Алдамади Онанинг туши...
Тушга ўхшар қолган турмуши.
Қайтмаганлар қайтмади. Қайтди
кимнинг олтин, кимнинг кумуши.

Маълум энди Она аҳволи...
поёнига етди аъмоли.
Ёниб турган тандир оғзидан
тушиб қолди куйган рўмоли...

Қисса битди. Қисса битмади.
Жисм йитди. Жонлар йитмади.
Ким минг дардга бир малҳам қўйса,
бобомерос юрт унутмади.

...эртага кенжасини кузатади урушга
(сиз ўйламанг – кино кўришга)...

Салим Ашур
МАНГУ АСКАРЛИККА КЕТГАН ЙИГИТЛАР

Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган амакиларим
Тоғаймурод ва Жўра Ашуровлар хотирасига

Тоғларни тик тутган тирик қоядек,
Қуёшга эш юрган ёруғ соядек,
Тандирни қиздирган ғўзапоядек –
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Қайларда узилган ризқ-насибаси,
Ҳаётнинг энг аччиқ мутойибаси,
Қисмат ҳам сизларни ҳеч койимасин,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Ўзбекистонимнинг паҳлавонлари,
Кимнинг ака-ука, отажонлари,
Ватаннинг абадий қаҳрамонлари,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Турналар келтирар сизлардан хабар,
Еллар билан бирга тутибсиз сафар,
Кириб келмоқдасиз юракка қадар,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Ота-она билмас – очсинми аза,
Ёшми ё қарими, бор-да бир қазо,
Мушфиқ инсонларга бу қандай жазо,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Сиз туфайли тинчлик барқарор бўлди,
Зўр қишлардан кейин зўр баҳор бўлди,
Боқий ҳаёт сизга содиқ ёр бўлди,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Номингиз, ёдингиз сувратлардадир,
Мустақиллик деган журъатлардадир.
Аждодлар очган йўл – қудратлардадир,
Мангу аскарликка кетган йигитлар.

Салим Ашур
Китоб дунёси № 7-8-2024.pdf
2.1 MB
Газетанинг 7-саҳифасида шоир Ғулом Мирзо ҳақида мақола эълон қилинган. Мақола 1994 йилда радиоэшиттириш учун ёзилган.
МИНГ ЖАНГЧИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Ҳуррият омонат, миллат гаровда,
Минг кунки, тўхтамас эди қора жанг.
Лойларга қоришиб, кулда, оловда
Фидойи ўғлонлар ҳоли бўлди танг.

Хабар келди: “Ёғий кўпдир минг карра,
Саркарда, бор-йўғи биз мингта қолдик...”
Ҳар ёқдан гувлади минг битта наъра:
“Ватанга содиқмиз! Ватанга содиқ!”

Гаровда турибди миллат, ҳурлик, эрк,
Бир минг бир юз кунки, тўхтамайди жанг.
Ортга чекинмоққа барча йўллар берк,
Фидойи ўғлонлар ҳоли бўлди танг.

Хабар келди: “Ёғий кўпдир юз карра,
Саркарда, бор-йўғи биз юзта қолдик...”
Атрофда тўлғонди юз битта наъра:
“Ватанга содиқмиз! Ватанга содиқ!”

Эрку мустақиллик ҳароратида
Бир минг бир юз ўн кун тўхтамади жанг.
Билаклар, юраклар жасоратида
Фидойи ўғлонлар ҳоли бўлди танг.

Хабар келди: “Ёғий кўпдир ўн карра,
Саркарда, бор-йўғи биз ўнта қолдик...”
Борлиқни титратди ўн битта наъра:
“Ватанга содиқмиз! Ватанга содиқ!”

Туёқлар топтаган жафокаш юртда
Минг бир юз ўн бир кун тўхтамади жанг.
Қилич, найзаларни қасослар ютди,
Ўн фидойи ўғлон ётибди, қаранг!..

Йўқ, хабар келмади. Бир неча бора
Шум ёғий кўп эди, гунг эди борлиқ.
Душманга минг найза отди бир наъра:
“Ватанга содиқман! Ватанга содиқ!”

Салим Ашур
СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

Балоғат тонгининг нурлари иссиқ,
Балоғат тонгининг офтоби порлоқ.
Ёшликнинг биринчи ўйлари тансиқ,
Ёшликнинг биринчи ҳислари қайноқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Мактаб – ёруғ гўша, келажак йўли,
Биринчи ҳарф ва биринчи саноқ.
Бошимни силаган устознинг қўли,
Биринчи синфга биринчи сўқмоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Болалик, ўсмирлик, хайр, бедор тун,
Илк бор киприкларни куйдирган чақмоқ.
Мактабга келганим, ҳув, биринчи кун,
Биринчи танишув, биринчи ўртоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

«Алифбе» – биринчи китоб ва илк дарс,
Биз сув ичган биринчи булоқ.
Устозлар ва мактаб олдидаги қарз,
Меҳр тўла юрак ва гул бир қучоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Биринчи муаллим, биринчи баҳо,
Эсимда, ёзишга қийналган бармоқ.
Бугун ўз бағрини очар ёш дунё,
Ёруғ манзилгача ҳали йўл йироқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Китоблар, дафтарлар, бир кун дам олинг,
Жавонда терилган илмлар уйғоқ.
Биринчи дарсларим, умримда қолинг,
Биринчи имтиҳон, биринчи сўроқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Ўтган йилларимни дазмоллаяпман,
Тоза кўйлакларнинг ёқалари оқ.
Юрган йўлларимда қололмаяпман,
Биринчи ҳаяжон, биринчи титроқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Шамолда шовуллар ёшлик боғлари,
Умрдан узилар тўққизта япроқ.
Уфқда кўринган ҳаёт тоғлари,
Чўққига бошлаган биринчи ирмоқ.
Сўнгги қўнғироқ!..

Лабларни куйдирган биринчи изҳор,
Илк бора қизариб эгилган бутоқ.
Ширин из қолдирган биринчи озор,
Биринчи иштиёқ, биринчи чанқоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Синфдош, кўзимга ўтдек кўриндинг,
Кутардим йўлингни интизор, муштоқ.
Яхши кўринишга сен ҳам уриндинг,
Биринчи муҳаббат, биринчи фироқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Ҳаётга кирмоқда қудратли тўлқин,
Ўғиллар – сор лочин, қизлар – кўзмунчоқ.
Навқирон қалбларда ловуллар ёлқин,
Барча синфдошлар эт билан тирноқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Ватан, вужудингда борми оғриғинг,
Ватан, фарзандларинг мендек тиришқоқ.
Биз учун муқаддас қоринг, ёмғиринг,
Ҳаёт денгизида йўқ эрур қирғоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Ватан, оғирингни кўтарамиз биз,
Ватан, келажакка чорлаган маёқ.
Халқим, тақдирингда қолдирамиз из,
Бизни фидоликка бошлаган байроқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Суюб улғайтирган халққа ташаккур,
Ташаккур, сенга ҳам, эй, она тупроқ.
Энди ҳаётимда янгича сурур,
Энди ҳаётимда янгича бўёқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Мактаб, онамиздек бўлдинг меҳрибон,
Ёнғоқдек чақилди сенда кўп жумбоқ.
Хайр, синфдошлар, мактаб – қадрдон,
Кимдир бироз хафа, ким бироз қувноқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Кўкракдан тошмоқда шиддат, ҳарорат,
Бизни чақирмоқда иқбол ярқироқ.
Салом, илм қасри, хайр, ҳаловат,
Хайр, мактаб, салом, мустақил сабоқ,
Сўнгги қўнғироқ!..

Салим Ашур
#YANGI

“ТОНГ ЮЛДУЗИ”

“Тонг юлдузи” газетасининг 95 йиллигига

Келажакдан берар дарак,
“Тонг юлдузи”.
Зиё сочган митти юрак,
“Тонг юлдузи”.

Болаликка кўрсатар йўл,
“Тонг юлдузи”.
Бошимизни силаган қўл,
“Тонг юлдузи”.

Учқун эди, бўлди катта
Аланга у.
Шундан буён хизмат қилар
Ватанга у.

Ҳар ўқувчи қўлида бу
Гўё байроқ.
Ўқиган ҳар ўқувчининг
Фикри бойроқ.

Олис-яқин мактабларда
Муаллимдир.
Ҳар сонини ўқиса ким,
Ёш олимдир.

Синфимизда тўп-тўп бўлиб
Ўқийдилар.
Эртакларин ўқиб, эртак
Тўқийдилар.

Ҳаёт – денгиз. “Тонг юлдузи”
Гўё кема.
Чиққин, ўртоқ, қани, суздик,
Кўп ғам ема.

Катта ҳаёт уммонида
Йўлчи маёқ.
Бир умрга дилдош дўсту,
Сирдош ўртоқ.

Янги қирғоқ, манзилларга
Борамиз биз.
Тоғ-тошларнинг метин бағрин
Ёрамиз биз.

Шунда бўлар бизга қанот –
“Тонг юлдузи”.
Кичик деманг, катта ҳаёт –
“Тонг юлдузи”.

Салим АШУР

2024 йил 21 май

@SalimASHUR
СИЗ ЁҚЛАРДА...

Сиз ёқларда шом чўкаётир.

Деразадан қарайди дафтар,
Бир китобни ўқир ҳафталар.

Сочларини тарайди тароқ,
Юзларига нур суртар чироқ.

Сиз ёқларда шом чўкаётир.

Мендан кечиб кетган қувғин бахт –
Ойинадан қараган дарахт

Назаридан бекинар кўй–лак,
Рўмол – қора аждарга йўр–гак.

Сиз ёқларда шом чўкаётир.

Миз устида беэга сабоқ,
Уйқугача ҳали кўп узоқ.

Хонангизга киргум аслида,
Сиз ўйлаган хаёл шаклида...

Қалб тубига шом чўкаётир,
Осмон қора гул тўкаётир.

Салим Ашур
2024/06/06 00:23:01
Back to Top
HTML Embed Code: