tg-me.com/nodir_jonuzoq/380
Last Update:
ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР
Қандай оқшом,
Бу қандай кеча,
Юлдузлардан ёғар мушк-атир.
Фалак тузар бир йиллик режа –
Лайлатул қадр.
Ҳар лаҳзаси биллурдек тоза,
Ёғдули шаб – минг ойга татир.
Ланг очилур ёруғ дарвоза –
Лайлатул қадр.
Фаришталар тушажак ғуж-ғуж,
Нурланади барча кент, адир.
Салом йўллар бизга Буюк Куч –
Лайлатул қадр.
Дуру гавҳар сочгай соҳир Руҳ,
Ошиқ аҳли тушаркан садр.
Дилга сиғмас шавқу таважжуҳ –
Лайлатул қадр.
Само – мисли очиқ дастурхон,
Ой – ушатиб қўйилган патир.
Ўз ризқидан розидир ҳар жон –
Лайлатул қадр.
Тонгга қадар эсон-омонлик,
Ҳеч дил билмас ғам-ғусса надир.
Сидирилар ҳамма ёмонлик –
Лайлатул қадр.
Шеър оқади – тоза бол каби,
Қуюлгайдир сатрма-сатр.
Илҳом сахий бу тун... Сабаби –
Лайлатул қадр...
@nodir_jonuzoq
BY Nodir Jonuzoq kutubxonasi
Share with your friend now:
tg-me.com/nodir_jonuzoq/380