tg-me.com/shokirjonov/6903
Last Update:
Оиламизда нохушлик рўй берди.
Холамнинг қизи — мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган холаваччам, 4-фарзандига ҳомиладор эди. Вақти етиб, Самарқанд вилоят Оқдарё тиббиёт бирлашмасида фарзандини дунёга келтираётганда чақалоқ (қизалоқ) нобуд бўлибди. 2 кун аввал.
“Қорнимдалигида боламнинг юраги уриб турганди, дўхтирлар ўлдириб қўйди, ака, нима қилай”, деб йиғлаб турибди холаваччам. Тўғриси, ўзининг аҳволи ҳам яхши эмас.
Холаваччам 38 ёшда. Юқорида айтдим, касби ўқитувчи, қўли юпқароқ. Олдинги фарзанди билан орада 7-8 йил танаффус бўлган.
Лекин туғуруқда "кесарево" деган нарсалар бўларди. Ўша дўхтирлар вазиятни тўғри баҳолаб, операция лозим бўлса, сўрашса, айтган пулини ҳам йиғиб берардик.
Ҳа, Оқдарёдаги туғуруқхонада врач ва дояларнинг қўли кетидан ўсганини билганимда, жиянимни албатта шаҳарга олиб келардим. Афсус, ҳозир шундай қилмаганимдан ўзим жуда-жуда қийналаяпман. Энди кеч.
Ва аниқ биламанки, 9 ой она қорнида авайлаб кўтариб келган бир чақалоқни соппа-соғ дунёга келтиролмасдан, ўлдириб қўйганларга ҳеч қанақа чора кўрилмайди.
Хаспўшланади: онанининг ўзи носоғломга чиқарилади, нобуд бўлган чақалоқ носоғломга чиқарилади, ягона “соғ”лар эса анавилар бўлади. Инсон қадри пистапўчоқ бўлган юртда бундан баттарлари ҳам бўлаяпти-ку? Чидаб юрибмиз-ку?
Бу гапларни шунчаки ёздим. Ҳаммасининг жавоб берадиган куни албатта келади.