tg-me.com/macrobs/35
Last Update:
Қурилиш соҳаси барқарор иқтисодий ўсиш гарови эмас
Макро нуқтаи назардан иқтисодий ўсишни таъминлашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, иқтисодий ўсиш экспортга асосланган бўлиши мумкин. Ёки ички истеъмолни рағбатлантириш ҳисобига ўсишни таъминлаш мумкин. Яна бир йўли эса иқтисодиётга киритилаётган инвестициялар (капитал қўйилмалар)ни кўпайтиришдир.
Шунингдек, иқтисодий ўсиш кўпинча мамлакатда кредитлаш ҳажмининг ортиши билан параллел юради.
Иқтисодий ўсиш суратларига маҳлиё бўлиб, ҳукумат баъзида кузатилаётган иқтисодий ўсиш барқарор ёки барқарор эмаслиги, бугунги экономикадаги “бум” нимани ҳисобидан келаётганлиги ва бу эртага салбий оқибатларга олиб келиш мумкинлиги ҳақидаги саволларни эътибордан четда қолдириши мумкин.
Халқаро валюта фондининг сўнгги тадқиқотларидан бири айнан мазкур ҳолатга бағишланган. Фонд тадқиқотчилари 70-йилдан ҳозирги кунга қадар мавжуд маълумотлар асосида ривожланган ва ривожланаётган давлатлар кесимида иқтисодий ўсиш ценарийларини таҳлил қилиб қуйидаги хулосага келишган:
“Қурилиш соҳасидаги ўсиш ва бу ўсиш кредитлаш ҳажмидаги “бум” (кескин ортиши) билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бўлса, бундай ривожланиш давлатлар учун яхшилик билан якунига етмаган.”
Агар иқтисодий ўсиш қурилиш ҳисобига таъминланса, буни нимаси ёмон?
Қисқа муддатда қурилиш соҳасидаги кескин ўсиш иқтисодий ўсишни таъминлаши мумкин, бироқ узоқ муддатда у инқирозга олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, қурилиш соҳаси саноатнинг бошқа тармоқларидан фарқли равишда ўсиш потенциали юқори эмас ёки иқтисодчилар тили билан айтганда бу соҳа Самарадорлигининг умумий омили (Total Factor Productivity) паст. Яъни, қурилиш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг ортиб кетиши бошқа самарали соҳаларни инвестициядан маҳрум этиши мумкин ва бу иқтисодий ўсиш потенциалидан паст бўлшига олиб келади.
Шунингдек, вақтинчалик қурилиш соҳасида банд бўлганлар сонининг ортиши ва мазкур соҳада фаолият юритувчиларнинг қобилияти нисбатан паст эканлиги бундай ишчиларнинг ўзининг билими ва малакасини ошириш учун инвестиция киритишдан қайтариши мумкин. Бошқача айтганда қурилиш қисқа муддатда бандликни таъминлаши мумкин, бироқ узоқ муддатли ва сифатли ишчи кучи яратувчи соҳа эмас.
Ва ниҳоят, қурилиши соҳасидаги лойиҳалар дастлаб катта маблағ талаб этади ва якуний истеъмолчилар ҳам қурилган объектларни сотиб олиш учун кўпинча қарз олади. Натижада, иқтисодиётда қарз юки кўтарилади ва келгусидаги истеъмолни чеклайди.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда иқтисодий фаоллик ошган ва буни айниқса қурилиш соҳасида яққол кўриш мумкин. Юқоридаги тадқиқот кўрсатмоқдаки, биз ҳам агар барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш суратини таъминламоқчи бўлсак, хозирги иқтисодий ўсиш моделимизни чуқурроқ таҳлил қилишимизга тўғри келади.
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/35