tg-me.com/macrobs/57
Last Update:
Пандемия натижасида пайдо бўлган инқирозга қарши курашни иккига бўлиш мумкин: пандемия даврида ва пандемиядан кейин қўлланадиган чоралар. Ўзбекистон учун барча чоралар ҳозирда пандемия даври учун қабул қилиниши керак.
Давлатлар тажрибаси кўрсатяптики, пандемия даврида қабул қилиниши керак бўлган энг муҳим 3 та чора-тадбир бор:
✅ иш ҳақини сақлаб қолиш учун субсидиялар ёки кредитлар бериш;
✅ бизнесга пул оқимларини сақлаб қолиш бўйича ёрдам бериш (солиқ таътиллари, кредитларни кечиктириш ва в.ҳ.);
✅ ишидан айрилган, ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шахсларга яшаш учун зарур миқдорда пул бериш.
COVID-19 га қарши курашиш учун қабул қилинган чора-тадбирлар қисман бўлса-да юқоридаги чораларнинг дастлабки иккитасини қамбраб олган. Лекин, фикримизча, бир жиҳат бироз эътибордан четда қолмоқда. Яъни, карантин натижасида ишидан, кунлик даромадидан айрилган одамларни қўллаб-қувватлаш механизми. Буни депутатимиз ҳам қайд этиб ўтди.
Расмий фаолият билан банд бўлганлар энг камида қонунлар билан ҳимоя қилинган. Бироқ, бошқа ривожланаётган давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам асосий муаммолардан бири – норасмий кўринишда иш билан банд бўлганлар улуши юқори. Қайтараман – норасмий бизнес эмас, норасмий тарзда меҳнат фаолиятини юритувчилар бугунда асосий муаммо.
Статистикага мурожаат қилсак, 2018 йилги маълумот бўйича 7,9 миллион киши норасмий равишда иш билан банд. Шундан 1,6 миллион киши вақтинчалик ва мавсумий иш билан банд аҳоли бўлса, 2,6 миллионини меҳнат мигрантлари ташкил этади.
Карантин даврида энг катта ишсизлик сервис соҳасида пайдо бўлади. Бу соҳада эса жами иш билан банд бўлганларнинг 50%дан ортиғи фаолият юритади. Яъни, иш билан таъминловчи энг йирик соҳа ҳисобланади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, сервис секторида банд бўлганларнинг 50% норасмий равишда банд, яъни тўлиқ меҳнат қонунчилиги асосида ишламайди. Шундай экан, карантин даврида зудлик билан мазкур қатламни пандемия даврида вақтинчалик қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш талаб этилади. Бу қатлам қашшоқ эмас, балки карантин туфайли ишини йўқотган одамлар. Уларга фақат озиқ-овқатни бериш билан муаммо ечилмайди, уларга нақд пул керак – ижара, комунал ва шунга ўхшаш тўловларни амалга ошириш керак.
Нима қилиш керак?
Карантин оқибатида ишдан айрилган (ҳам расмий, ҳам норасмий), ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шаҳсларга пандемия даврида энг мақбул йўл – карантин даври давомида уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)да пул бериш. Бундай чора Бразилия, Чили, Хиндистон, Индонезия, Перу ва Тунис каби давлатларда жорий қилинди.
Қаердан пул оламиз?
Маълумки, иниқрозга қарши жамғарма тузилган ва унда 10 трлн сўм шаклланиши белгиланган ва уни шакллантириш учун 1 млрд доллар ташқи қарз жалб этилиши керак. Ташқи қарзни жалб этиш вақт талаб этилишини ҳисобга олса, қисқа муддатда бу ишни Марказий банк орқали амалга ошириш мумкин. Қонунчиликда белгиланганки, Марказий банк ҳукуматнинг фискаль агенти ҳисобланади. Юқоридаги ташқи қарз жалб этилгунча Марказий банк керакли миқдорни молиялаштириши мумкин бўлади.
@macrobs
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/57