tg-me.com/macrobs/66
Last Update:
Япония vs Ўзбекистон
Япония
50 долларлик купюранинг олд қисмида акс эттирилган Американинг ўн саккизинчи Президенти Улисс Грант 1879 йили Японияга ташрифи чоғида Император Меижига суверен давлат учун четдан қарз олишдан кўра қўрқинчлироқ ҳолат йўқ, деб таъкидлайди. Бир қатор давлатларнинг аянчли ҳолатларини мисол келтириб, У.Грант Япония императорига зудлик билан ташқи қарзлардан қутилишни маслаҳат беради. “Ташқи қарзлар кўп эмаслигини ҳисобга олсак, қанчалик улар тез қайтарилса, шунчалик Япония учун яхши бўлади. Имкони бўлса, Япония ҳеч қачон бошқа давлатлардан қарз олмаслиги керак” - дейди.
Япония мазкур маслаҳатни яхшилаб қулоғига қуйиб олган шекилли, нафақат давлатнинг ташқи қарзи мавжуд эмас, балки бошқа давлатларни ҳам қарз қилиб қўйган (бугунда Япониянинг давлат қарзи ўзининг ялпи ички маҳсулотига нисбатан 200 фоиз атрофида, бироқ, эътибор берамиз, бу қарзларнинг ҳаммаси Япон миллий пул бирлигида).
Ўзбекистон
Халқаро валюта фонди Ўзбекистонга 375 млн доллар атрофида қарз маблағи ажратиши билан биргаликда жорий йил ва келгуси йиллар учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича прогнозларини янгилган.
Эътиборга молик рақамлардан бири, жорий йил ташқи дунё билан ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистонга жами 8,5 млрд доллар керак бўлади – 2,6 млрд олдинги қарзларни қайтариш учун, 5,9 млрд эса жорий ҳисобни молиялаштириш учун.
8.5 млрд қаердан оламиз? Валюта фонди 6 млрддан зиёдроқ ташқи қарз жалб этилишини ва олтин-валюта захиралардан 2,5 млрд доллар ишлатилишини прогноз қилмоқда.
***
Бир нарсани тан олиш керак, ҳар қанча хохламайлик, бугунги шароитда четдан қарз жалб қилиш ёки қилмаслик Ўзбекистон учун танлов эмас. Бу пост-пандемия шароитида ҳукумат томонидан жиддий тарзда бош қотиришни талаб қилувчи масала. Мустақил молиявий сиёсат юритишга эришиш, қолоқ давлатлар тушган “қарз” тузоғига тушмаслик ва пафос бўлса ҳам айтиш керак, ривожланган давлатга айланиш учун Улисс Грантнинг юқоридаги маслаҳатига амал қилишга тўғри келади.
@macrobs
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/66