tg-me.com/macrobs/71
Last Update:
Америкача орзу ёхуд Ўзбекистонда миқдорий юмшатиш (Quantative Easing)ни амалга ошириш керакми?
давоми
Дастлаб миқдорий юмшатиш ҳақида. Инқироз содир бўлса, иқтисодиётни тиклаш/рағбатлантиришни икки хил йўл бор – фискаль ва монетар сиёсат орқали. Фискаль сиёсат солиқларни пасайтириш, бюджет харажатларини кўпайтириш орқали, монетар сиёсат эса одатда асосий ставкани пасайтириш орқали амалга оширилади. Асосий ставка пасайтирилса инвестицияни рағбатлантиради ва пировардида бу иқтисодий ўсишни тезлаштиради.
2008 йилги иқтисодий инқироздан сўнг ривожланган давлатлар инқироздан чиқиш учун мазкур ставкани нолгача туширишига қарамасдан иқтисодиёт олдинги ҳолатга қайтмади. Фоиз ставка нол дегани Марказий банк ўзининг бизнес циклларга таъсир этувчи асосий инструментидан айрилди дегани. Яъни, номинал фоиз ставкани нолдан пастлатиб бўлмайди. Шунинг учун, мазкур давлатлар 2000 йиллардан буён Япония қўллаган чорага ўтишди – турли муддатли давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш орқали бозордаги узоқ муддатли фоиз ставкаларини пасайтиришга ҳаракат қила бошлади. Мақсад – пул кредит сиёсатини узоқ муддатда ҳам “юмшоқ” бўлишига эришиш. Шундан буён мазкур инструмент ривожланган давлатлар Марказий банкларининг асосий арсеналига айланди.
Ривожланаётган мамлакатларда эса вазият бироз бошқача – инфляция суръати ва фоиз ставкаси юқори. Анаънавий монетар сиёсат инструменти ўзини кучини йўқотмаган. Фоиз ставкасини пасайтириш орқали иқтисодиётни рағбатлантириш мумкин. Шундай бўлсада, кўплаб ривожланган давлатлар изидан бозор иқтисодиёти ривожланаётган давлатларда миқдорий юмшатиш копи-паст бўлаётган чоралардан бири бўлмоқда. Туркия, Польша, Малайзия, Филиппин, Индонезия, Венгрия, Жанубий Африка каби давлатларнинг Марказий банки ўзларининг ҳукумати томонидан чиқарилган облигацияларни сотиб олишга қарор қилди. Восита бир хил бўлсада, миқдорий юмшатишнинг мақсади бу давлатларда умуман бошқа – инқироз таъсирида мазкур мамлакатлар облигациялар бозорини тарк этаётган хориж капиталини ўрнини тўлдириш ва бозорда катта тўлқин содир бўлишини олдини олиш.
Ўзбекистонда ҳам миқдорий юмшатишни амалга ошириш керакми?
Ўзбекистонда, фикримизча, бугунги шароитда миқдорий юмшатишни амалга оширишга зарурият йўқ. Биринчидан, бизда ривожланган давлатлардаги ҳолат эмас – Марказий банк асосий фоиз ставкаси жуда баланд, инфляция даражаси юқори. Иккинчидан, бозор иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар сингари бизда чуқурроқ миллий облигация бозори мавжуд эмас, яъни миқдорий юмшатиш орқали сотиб оладиган активни ўзи йўқ. Учинчидан, жуда кўпчилик ўйлаганидек, миқдорий юмшатиш бу пул эмиссия қилиш дегани эмас, шунчаки бунда бир ликвид актив – давлат қимматли қоғозлари иккинчи ликвид актив - Марказий банк резерв пули билан алмашади холос. Ва ниҳоят, миллий облигация бозори миқдорий юмшатиш орқали ривожантирилмайди. Аксинча, бу давлат бюжетини билвосита монетизация қилиш хавфини туғдиради. Бу эса шундоғам юқори бўлган инфляцияни тезлашишига олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, бугунги қонунчилигимиздаги энг яхши нормалардан бири бу - Марказий банк томонидан бюджет дефицитини молиялаштирилишининг тақиқланганлиги.
Ҳозирги шароитда Марказий банк қилиши керак бўлган энг муҳим иш асосий ставкани белгиланган коридорда ушлаб туриш. Нима учун Марказий банк банклараро пул бозорида фоиз ставкани тўлиқ назорат қила олмаётганлиги ҳалигача тушунарсиз.
Ташқи қарз олишни камайтиришнинг энг мақбул йўли эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни кўпайтириш ва миллий капитал бозорини ривожлантириш. Бу ишлар эса негадир ўта суст амалга оширилмоқда.
@macrobs
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/71