tg-me.com/macrobs/65
Last Update:
“Барқарорлик – нобарқарорликдир”
Инқироз натижасида АҚШда ҳар 5 та одамдан 1 таси ўз ишини йўқотибди. Бу рақам ҳар 5 кишидан 5 киши бўлса ҳам қўрқинчли эмас Америка учун. Нимага? Сабаби, АҚШ ҳар инқироздан олдингисига нисбатан кучлироқ бўлиб чиққан. Инқироз ҳар бир индивидуал одам учун қийин кечиши мумкин, лекин бутун жамият учун бу янгиланиш даври бўлади. Янги ғоялар, янги хизматлар, янги маҳсулотлар. Шунингдек, инқироз филтрлаш фукциясини ҳам бажаради – кучсиз, рақобатсиз, қўллаб-қувватлаш орқали фаолият юритаётган фирмалар хаёти якунига етади. “Creative destruction” деб номланувчи бу феномен АҚШда ҳам сўнгги йилларда молия тизимининг роли керагидан ортиқча даражага етиши (financialization) натижасида бироз секинлашди. Шундай бўлсада, бу масалада бизга ўхшаган давлатларнинг АҚШга етишига анча бор.
Ривожланган давлатлар фаровонлигнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу – инқироз пайтида қанчалик оғир бўлса ҳам компаниялар давлат томонидан қутқариб қолинмаган. Қолоқ давлатларда эса тескариси: давлат иштирокидаги корхоналар жуда кўп, улар эса инқироз ҳақида умуман қайғурмайдилар. Сабаби, уларни қутқарувчи ҳалоскор мавжуд – давлат. Бунақа ҳолат иқтисодиётда “moral hazard” деб номланади. Сизни қутқариб қолишлари кафолатланган бўлса, ўзингизни асраб-авайлашга ёки ёмон ҳолатларга тайёргарлик кўришга хожат йўқ.
Нима учун мамлакат миқёсида компанияларни қутқариш мақсадга мувофиқ эмас?
Бунинг учун биздан меҳнат унумдорлиги фаровонликнинг асоси эканлигини тушуниш кифоя. Пол Кругман деган иқтисодчи айтганидек, меҳнат унумдорлиги қисқа муддатда ҳеч нарса бўлиши мумкин, бироқ узоқ муддатда у ҳамма нарса. Содда қилиб тушунтирганда, меҳнат унумдорлиги орқали одамларнинг иш самарадорлиги ортади. Бу эса уларнинг иш ҳақини кўпайтиради ва товар (хизматлар) нархини арзонлаштиради.
Меҳнат унумдорлигининг ортиши учун инновацион технологиялар (жуда ҳам сийқаси чиққан сўз, биламан) ишлаб чиқариш жараёнига тадбиқ этилиши керак. Бу дегани кимдир таваккалчиликка бориши ва янги технологияга инвестиция киритиши керак дегани. Ва энг муҳими – инвестиция қилинаётган маблағ кўп ҳолатда хусусий капитал бўлиши керак.
Жуда кўп лойиҳалар ўзини оқламайди ва бу ҳолат лойиҳанинг концепсиясини ва хаётга тадбиқ этилишини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу инновацияларнинг алгоритми. Муваффақиятсизликлар бизнесни “чиниқтирса”, аксинча муваффақият капитални кўпайтиради.
Агар давлат мазкур жараёнга қўшилса нима бўлади? Бозор принципларига кўра фаолияти якунига етиши керак бўлган бизнес мажбурий равишда сақланиб қолинади ва янги самаралироқ бизнесда ишлатилиши мумкин бўлган ресурсларни сақлаб қолади. Шунинг учун инқирозга ўзининг энг муҳим ишини қилишга имкон бериш керак. Бу худди компютерни “перезагрузка” қилгандек гап – иқтисодиётнинг узоқ муддат нормал ишлаши гаровидир.
Ўзбекистонда вазият эса бундан ҳам оғир. Биз кризис пайтида эмас, оддий нормал шароитда ҳам давлат компанияларини беминнат қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг учун 30 йилдан бери на бирорта дунё бозори учун маҳсулот ярата олдик, на бирорта инновация қилдик. Соф бозор иқтисодиёти хеч қаерда мавжуд бўлмасада, бозор ва давлат ўртасида мувозанат бўлиши керак. Посткризис даври шу мувозанатни таъминлаш учун яхши имконият.
@macrobs
BY MacroBS
Warning: Undefined variable $i in /var/www/tg-me/post.php on line 283
Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/65