tg-me.com/macrobs/60
Last Update:
Инқироз вақтида валютанинг алмашув курси (доллар курси) “ушлаб” турилиши керакми ёки йўқми?
Бу савол ривожланаётган давлатларга тегишли, сабаби ривожланган давлатларда капитал ҳаракати эркин ва валюта курси тартибга солинмайди.
Демак, юқоридаги савол бўйича иккита қараш мавжуд:
Биринчи қараш шундан иборатки, давлатлар ташқи шокларга юз тутганда, Марказий банклар валюта курсини ушлашга ҳаракат қилмаслиги керак. Валюта режими қанча эгилувчан бўлса, яъни курс кўпроқ бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланса, бу ташқи шокларга қарши “буфер” вазифасини бажаради. Буни иқтисодчилар тилида “автоматик стабилизатор” (automatic stabiliser) деб атайдилар. Механизм қандай ишлайди? Шок содир бўлди, долларга талаб ортяпти, натижада, миллий валюта қадрсизланади. Бу эса бизнинг экспортимизни қўллаб-қувватлаб, импорт товарлар нархини қимматлаштиради. Охир-оқибатда, иқтисодиётда валюта тушумлари ва тўловлари баланслашади.
Иккинчи қараш: Марказий банк “фавқулотда” ҳолатларда валюта курсини тартибга солиш учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши керак. Сабаби, миллий валютанинг кескин қадрсизланиши макроиқтисодий барқарорликка путур еткизиши мумкин. Ривожланаётган давлатларда даромаднинг катта қисми истеъмолга сарфланиши туфайли доллар курсининг кўтарилиши ва инфляция ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд (“pass through effect”). Назариядан четда қолган яна бир ҳолат - ривожланаётган давлатларда “долларизация” юқори. Миллий валюта кўп ҳолатларда товар ва активлар учун ўлчов функциясини бажармайди. Бу эса яна бир қўшимча салбий эффектни келтириб чиқаради – нафақат товарлар, балки узоқ муддатли активларнинг ҳам миллий валютадаги нархи қимматлашади. Кўчмас мулк, ёки автомобиль бозорлари бунга мисол бўлиши мумкин.
Пандемия натижасида кўплаб ривожланаётган давлатлар ташқи савдо билан боғлиқ шокдан ташқари, яна бошқа бир шокни ҳам қабул қилиб олди. Инқироз бошланган бери мазкур давлатлардан 100 млрд доллардан зиёд капитал оқиб чиқиб кетган. Миллий валюта кескин қадрсизланишини олдини олиш учун Марказий банклар бозорга аралашишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон Марказий банклари бунга мисол бўла олади.
Қисқа қилиб айтганда, инқироз пайтида тарозининг палласи иккинчи қарашга кўпроқ ён босади. Сабаби, бундай шароитда валюта курсига таъсир этувчи энг муҳим фактор - Марказий банк Раиси таъкидлаганидек, аҳолининг девалвацион кутилмалари ҳисобланади.
Девалвацион кутилмаларни иқтисодиёт китобларидаги талаб ва таклиф қонуни орқали тушунтириш мумкин. Талаб қонунига кўра, қоида тариқасида товарнинг нархи кўтарилса унга бўлган талаб пасаяди. Валюта бозорида эса бу жараён тескари ҳаракатланади. Яъни, доллар курси кўтарилиши бўйича кутилмаларнинг мавжудлиги долларга бўлган талабни янада кўпайтиради. Таклиф қонуни ҳам шундай - товар нархи кўтарилса уни ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, таклиф миқдори ортади. Бироқ, валюта бозорида айнан шу кутилмалар сабаб “ишлаб чиқариш”ни, яъни валюта таклифини ҳеч ким кўпайтирмайди.
Халқаро валюта фонди ҳам ўзининг сўнгги ҳисоботида, агар мамлакатда инфляция паст, ишончли монетар сиёсат, валюта алмашув курси эгилувчан бўлсагина валюта курсининг тушиши ташқи факторларга “буфер” бўлиши мумкинлигини қайд этган. Бундай давлатларга мисол қилиб Арманистон, Грузия, Козоғистон кўрсатилган. Агар юқоридаги ҳолатлар мавжуд бўлмаса, валюта курсининг кескин тушиши инфляция ва иқтисодий фаолликни тушишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистоннинг валюта бўйича позицияси яхши эканлигини, яъни олтиннинг нархи барқарор кутилаётганлиги, экспорт ва импорт тушумлари мутаносиб равишда камайишини ҳисобга олсак, Марказий банк валюта курсини ўзининг фундаментал баҳосида шаклланиши учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши мақсадга мувофиқ.
@macrobs
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/60