tg-me.com/macrobs/78
Last Update:
АҚШ Марказий банки монетар сиёсати стратегиясида ўзгариш бўлади
АҚШ Федерал захира тизими (Марказий банк)ининг Раиси Джером Пауэлл Джексон Холл конференциясида мамлакат монетар сиёсатидаги муҳим ўзгаришни маълум қилди. Унга кўра, эндиликда АҚШ Марказий банкининг узоқ муддатли стратегияси ўртача инфляцияни таргетлашга айлантирилади.
Бугунги кунгача Федерал захира тизимининг (ФЗТ) асосий таргети йиллик 2% инфляцияга эришиш ҳисобланган. Бироқ, 2012 йилдан буён сурункали равишда ФЗТ бу мақсадга эришолмай келмоқда. Пандемиядан олдин АҚШда сўнгги йиллардаги ишсизлик даражаси рекорд даражада паст бўлишига қарамасдан нарх-навода кўтарилиш кузатилмади. Бу эса ФЗТ ўзининг асосий ставкасини белгилашда фойдаланадиган ва иқтисодчилар орасида Филлипс эгри чизиғи* деб номланувчи моделни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Стратегияни ўзгартириш нима беради?
ФЗТнинг бугунги кунгача стратегияси ҳисобланган 2%лик инфляция таргетига эриша олмаслиги АҚШда инфляция бўйича келгусидаги кутилмаларни ҳам пасайтирмоқда. Бу ўз навбатида реал фоиз ставкаларни юқори ўрнатилишига олиб келиши ва натижада ФЗТ белгиловчи ва бизнес циклларига таъсир қилувчи асосий инструменти бўлган қисқа муддатли фоиз ставканинг инвестицияни рағбатлантиришдаги ролини нейтраллаштиришга олиб келади.
Бундан ташқари, аввалги режимда ўтган йилларда эриша олинмаган инфляция кўрсаткичи ФЗТ томонидан кейинги йиллар учун таргетда ҳисобга олинмаган. Масалан, ФЗТ 2%лик нарх ўсишини таргет қилсаю, амалда 1% бўлса, кейинги йил учун таргет 3% эмас, балки яна 2% бўлган.
Янги режим - ўртача инфляцияни таргетлашда эса ўтган йилларда эришилмаган кўрсаткичлар келгусидаги таргетда ҳисобга олинади. Марказий банк маълум бир даврни (йиллар) белгилаб олади ва шу давр учун ўртача инфляция мақсадини белгилайди. Ўтган йилларда эришилмаган инфляция таргетининг қисми кейинги йилларда етказиб олишга ҳаракат қилинади. Бу дегани ФЗТ маълум даврларда инфляцияни юқорироқ бўлишига қўйиб бериши ва фоиз ставкани кўтармаслиги мумкин.
АҚШ монетар сиёсатининг дунё молия бозори учун аҳамияти ҳисобга олинса режимдаги мазкур ўзгаришнинг аҳамияти юқори. Сабаби, деярли барча давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам бевосита ёки билвосита АҚШнинг монетар сиёсатига боғланган. Шу билан бирга, дунёдаги энг қудратли Марказий банк бошлаб берган ўзгаришни келгусида бошқа Марказий банклар давом эттиришини ҳам кутиш мумкин.
* Филлипс эгри чизиғи - инфляция ва ишсизлик даражаси ўртасида тескари боғлиқликни кўрсатади. Агар ишсизлик даражаси юқори бўлса инфляция паст, ишсизлик паст бўлса инфляция юқори бўлади.
@macrobs
BY MacroBS

Share with your friend now:
tg-me.com/macrobs/78